Жирканч ҳиёнат. (Бўлган воқеа)

loading...

Жирканч ҳиёнат. (Бўлган воқеа)

Зебо турмушга чиққанига икки йилдан ошди. Бу орада бормаган шифокори, бормаган табиби қолмади. Фарзанд кўрмаётгани уни эзиб, жон томирларини сиқаётган эди. Охирги борган шифокори, эрининг ҳам кўрикдан ўтиши кераклигини айтиб тушунтиргач, кейинги сафар Толиб ҳам Зебо билан бирга шифокорга борди.
Шифокор жавоблар чиққанини, келиб кетишлари кераклигини айтганда, Зебо эрига ҳам айтиб ўтирмай, бордию ташхис натижаларини олиб келди.
Ичинию ташини ит кемирганча уйга қайтиб келган Зебо, бир жойда ўтиролмай қолди. Ҳовлидан уйга, уйдан ҳовлига қўлини белига қўйганча юраверди, юраверди.
"Энди нима қиламан? Толибакамга нима дейман?        
"Айб сизда экан. Сиз фарзанд кўролмас экансиз, шифокор айтди...", дейманми? Йўқ, йўқ ҳеч қачон айтмайман. Толибакам билан ажрашмайман. Бой-бадавлат одамни ташлаб кетадиган аҳмоқ йўқ. Эй, Худо! Бир йўлини топишим керак..."
Кечгача Зебонинг ақли чарх уриб, нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлайвериб боши оғриб кетди.
Толиб ишдан келди. Ош-овқатини егач сўради: "Жавоблар чиқибдими? Дўхтир телефон қилмадими?"
"Телефон қилди. Жавоблар чиқибди. "Албатта фарзанд кўрасизлар, эрингиз соғлом экан...", деди дўхтир. Толибака жуда ҳурсанд бўлдим. Эртами кечми фарзанд кўришимизни эшитиб, уйга учиб қайтиб келдим".
Толибнинг юзига табассум югурди. У ҳам тезроқ фарзанд кўрса, данғиллатиб ақиқа берса, боласини тўйиб-тўйиб хидласа, бағрига босса.
Эҳҳеее...
Қачонлардан бери ҳаёл сураверади, сураверади...
Ҳаёли уни болалигига етаклайди. Отаси уни қандай суюб катта қилган эди-я. Укаси Тоҳир икковини ардоқлаб, опичлаб катта қилганичи. Эринмай икки ўғилни ҳали сузишга, ҳали спортга, ҳали боксга олиб борганичи. "Ўғилларим полвон бўлсин, кураги ер кўрмасин", дерди. Уларни ўқитиб олий маълумотли қилди. Толиб Англияга бориб ўқиди. Муҳандис бўлиб қайтди. Тоҳир Америкага кетди. Яқинда у ҳам қайтади. Буларнинг ҳаммасига отаси сабабчи бўлган эди. Шуларни ўйларкан Толиб энтикиб кетди.
"Мен ҳам отам каби бўламан. Фарзандларим билан ўзим шуғулланаман. Уларни спортга бераман, олий маълумотли қиламан".
Зебо хонасига кириб, ойна олдига пардозини янгилаш учун ўтирди. Ойнадаги аксига қарадию деди: "Нима қилай айт! Нима қилсам бўлади? Нимадир ўйлашим керак! Лекин нима???"
Толиб ётоқхонага кириб, Зебони ўйчан пардоз қилаётганини кўриб сўради: "Зебо, нималарни ўйлаяпсан? Кетма-кет туғилажак болаларимиз ҳақидами?"
Зебо жавоб беришга улгурмади. Толибнинг телефони жиринглади.
Америкадан онаси қўнғироқ қилган эди. Онаси билан гаплашиб бўлгач, Толибнинг юзи янада ёришиб кетиб деди: "Зебо, бугун фақат янгилик эшитиб, ҳурсанд бўладиган куним экан шекилли. Кейинги ҳафтага уйдагилар келишаётган экан. Байрам устига байрам. Кўпчиликка нима етсин. Оилам билан бир дастурхон устида ўтиришни қанчалар соғинганимни билсанг эди..."
Толибнинг беғуборларча ҳурсандлиги ўз йўлига, Зебонинг юрагини ғашлиги ўз йўлида...
Зебо бир ҳафта ичида анча ўзини олдириб қўйди. Егани ичига юқмай, ютгани томоғидан ўтмай қолди. Толиб Зебодаги ўзгаришни сезиб, ҳавотирланиб сўради: "Зебо, тузукмисан? Ҳеч қаеринг оғримаяптими? Нега борган сари кўзларинг киртайиб, юзинг сўлиб кетяпти...?"
Зебо зўрға ёлғондан кулимсираб: "Билмадим, қоним камайиб кетган бўлса керак. Уни устига кўряпсизу меҳмонларнинг келишига тиним билмаяпман. Чарчоқдан бўлса керак. Ҳавотир олманг мен яхшиман".
Тонг отди. Толиб азонлаб тайёрагоҳга ота-онасини кутиб олиш учун кетди.
Толиб соғинганидек, ҳаммалари бир дастурхон атрофида жамландилар. Зебо келинлик вазифасини аъло даражада бажариб, югуриб-елиб юрибди. Нега энди бирдан у ўзгариб қолди? Нега қувнаб-яшнаб кетяпти? Ичига сиғмай, бутун вужуди билан қаҳ-қаҳа отиб, кулгиси келяпти? Кечагида кўнглига қил ҳам сиғмаётган эди-ку. Нима уни шунчалар ўзгартирган?
Бир ҳафтадан бери одам тинмайди. Келди-кетдини кети узилмай, Зебони анча чарчатди. Бугун ҳол сўраб келувчилар камайиб, яна ўзаро дастурхон атрофида йиғилдилар.
Зебонинг кўзи Тоҳирда. Ўша куни Тоҳир мошинадан тушиб келганидаёқ, Зебонинг фикрлари чалкашиб, оёқлари қалтираб, юраги қинидан чиққудек бўлиб кетган эди.
"Анча ўзгарибди. Яна ҳам кўркам, келишиб кетибди".
Ширин ўйларини қайнонасининг овози бузиб юборган эди.
"Зебо! Қизим нега анграйиб қолдингиз? А югуриб келиб, кўришмайсизми...?"
Зебо шайтоннинг чангалига тушди. Шайтон уни чангалига олдию маҳкам ушлади. Энди уни осонликча қўйиб юбормайди. Ботқоққача олиб борадию сўнг уни итариб юборади. Ботқоққа ботиб қолган одамни кўрганмисиз? Инсон у ердан чиқолмайди! Ботқоқ шунақа жой. У ерга тушганлар, қайтиб чиқолмайдилар. Охиригача ботиб, ўлиб кетадилар. Шайтонни нияти ҳам шу. Ботқоққача алдаб-сулдаб олиб бориш...
Зебо бутунлай ақлдан озди. Ҳаёлига келаётган, турли ёмон фикрлар исканжасида қолган эди. Исканжадан қутилиш учун ҳаракат ҳам қилмай, ўша бузуқ ўйлар домига ўзини отиб юборди.
"Нима бўлса бўлди! Тоҳирни аврашим, уни кўндиришим керак. Ўзим учун курашмасам, эрсиз, уйсиз қолиб кетаман".
Кечки овқатни еб ўтиришар экан, Толиб укасига гап қотди: "Тоҳир, қачон энди сени уйлантирамиз?"
Зебонинг бу саволдан ранги ўчиб кетиб, Тоҳирга қаради. Тоҳир ўзига ярашган жилмайиш билан деди: "Ойим қачон десалар ўшанда".
"Йўқ, чўзилиб ўтиришдан наф йўқ. Эртагаёқ режамни амалга оширишим керак. Тоҳир уйланса, ҳаммаси барбод бўлади..."
Зебо ўтиролмай қолди. Ичига чаён киргандек ғимирлаганча ташқарига отилди.
Мана Зебонинг пайт пойлаганига бир ойдан ошади. Тоҳир билан ёлғиз қолиш, игнанинг тешигидан туяни ўтказишдек қийин бўлиб кетяпти. "Ана етдим", дейди, ўхшамайди. "Мана етдим", дейди, яна бир нарса чиқиб келади.
Тоҳирнинг тоғаси тўсатдан вафот этгани хабари келдию, Зебонинг кўкрагига шамол тегди.
Толиб жанозадан тўғри ишига ўтиб кетди. Қайнонаси Зебони ёнига имлаб чақириб деди: "Зебо, додангиз билан ҳозирча шетда бўлиб турамиз. Сиз уйга эртароқ бораверинг. Толиб ишдан боришига овқати тайёр турсин. Тоҳирга айтаман сизни олиб кетади".
Зебо қайнонасини эшитмас, ифлос орзулари томон учиб юрар эди. Ўйлаган нияти сариёғдан қил суғургандек силлиқ бошланаётгани уни ортиғи билан севинтирган эди.
Уйга келгач, Тоҳирни ёнига чақирди. "Тоҳир сизда зарур гапим бор эди. Илтимос, мени тўғри тушунинг...".
Тоҳир стулга ўтириб, Зебога ҳайрон бўлганча қараб сўради: "Тинчликми?"
Зебо тили айланмай, гапни нимадан бошлашни билмай деди: "Тоҳир, биласиз анчадан бери фарзандимиз бўлмаяпти. Бормаган жойимиз қолмади. Охирги борган шифокоримиз, акангизда фарзанд бўлмаслигини айтди. Лекин мен буларни акангизга айтмадим. Юраклари кўтаролмай қолади. Бу сирни ҳеч кимга оғиз очмадим. Мана энди сизга айтяпман. Акангизга ёрдам керак. Сиз ёлғизгина укаларисиз. Сизнинг қўлингиздан келади".
Тоҳир гапни бошини ҳам, охирини ҳам тушунмай сўради: "Кенойи, қанақа ёрдам? Мен акамга қандай ёрдам бера олишим мумкин? Гапларингизни яхши тушунмаяпман. Сал тушунтириброқ айтинг! Биласиз, акам учун керак бўлса жонимни бераман. Лекин қанақа ёрдамни назарда тутаётганингизни тўғриси тушунмадим".
Тоҳир Зебонинг мақсадини эшитганда оғзи очилиб, анграйиб қолди. Кутилмаган ҳаром таклиф уни шошириб қўйган эди.
"Кенойи, ҳозир гапирган гапларингизда жиддиймисиз? Ёки мен билан ҳазиллашяпсизми? Биров эшитса нима деган одам бўласиз?"
Зебо ерга ўтириб олиб, энгашганча йиғлай бошлади.
"Тоҳир мени кечиринг! Мен ҳам нима қилишни билмай қолдим. Бу фикрга келиш менга осон бўлди деб ўйлайсизми? Бу гапларни сизга айтгунимча ҳаёлнинг минг бир кўчасига кириб чиқдим ахир. Акангизни ҳам фарзанд кўришга ҳаққилари бор-ку. Бир фарзандни ўз жигарингиздан қизғанасизми? Ҳеч ким билмайди, ишонинг илтимос. Сиз билан менинг ўртамда қолади. Йўқ, деманг Тоҳир, ёлвораман. Акангиз учун рози бўлинг".
Тоҳир ўрнидан туриб чиқиб кетди. Зебо ялинганча орқасидан йиғлаб қолди.
Тоҳир мошинасига ўтирдию газни босди.
Толиб ишдан қайтди. Зебони кўзларини шишган ҳолатда кўриб деди: "Зебо йиғлайвериб ўзингни олдириб қўйибсан. Ҳаммамиз ҳам бир кун ўламиз. Тоғамлар учун биз ҳам эзиляпмиз. На илож қисмат. Қўлимиздан нима ҳам келар эди...".
Толиб Зебони қучоғига олиб, уни овунтирган бўлди. Зебо нима дардда, Толиб нима дардда, Тоҳир эса нима ғамда. Соат 23:00 бўлди. Тоҳирдан дарак йўқ. Зебо кўзини эшикка тикканча, ундан ҳавотирда. Толиб эса аллақачон қотиб ухлаб бўлган.
Тонга яқин Тоҳир кириб келди. Чарчаган, кечаси билан тентираб юргани юз-кўзидан маълум эди.
Зебо Толибни ишга кузатгач, ўз хонасига кириб кетди. Бироздан сўнг Тоҳир Зебонинг эшигини тақиллатди. Зебо шошганча эшикни очганда, Тоҳир кайфиятсиз бир ҳолатда деди: "Мен розиман. Фақат акам учун бу ишга кўндим. Акамнинг дарди менинг дардим...".
"Тоҳир бунчалар сиқилиб, ич-этингизни ейишингизни кераги йўқ. Кўрасиз ҳаммаси изига тушиб кетади. Акангиз севинсалар бўлди менга. Менга ҳам осон тутманг".
Зебо Тоҳирни ётоқхонасига бошлади.
Дин - бўлмаган жойда зино урчийди!
Дин - бўлмаган жойда валадизинолар туғилади!
Дин - бўлмаган жойга албатта балолар келади!
Зебо ўғил туғди. Қайнотаси чақалоққа яхши ниятлар билан Одил деб, исм берди. Толиб Зебога мошина совға қилди. Бутун оилага қувонч кирди. Энг бош набира, ахир ўғил бўлган эди-да. Одилни ҳамма яхши кўриб эркалар, аммо Тоҳир уни бошқача кўрар эди. Буни фақатгина Зебо билар эди холос.
Тоҳирни уйлантирдилар. У ҳам ўғиллик бўлди. Орадан кўп вақт ўтмай, Зебо яна фарзанд кўрди. Энди унга ҳеч нарсани фарқи йўқ эди. Яшаса, ҳаётнинг унга берган бойлигидан кайф қилса. Толиб бечора иккита фарзандлик бўлдим деб осмонларда.
Орадан йиллар ўтди. Болалар анча улғайиб қолишди. Тоҳирда 3 та фарзанд. Толибда "4" та. Толибнинг ўғиллари Тоҳирга кўпроқ ўхшашади. Қуйиб қўйгандек "отаси"нинг ўзи.
Қилғилиқнинг қирқ куни бор. Гуноҳлар барибир очилади. Қинғир ишлар, албатта бўй кўрсатади.
Тоҳирнинг хотини анчадан бери ёмон исдан роҳатсиз. "Балки ёмон гумон қилаётгандирман", дея-дея умрини ўтказди. Неча маротаба Зебони эрига кулиб қараганини кўрган, неча маротаба эри Зебога...
Лекин ҳар доим: "Мен ўйлаётган нарса эмасдир", деб, ўзини овунтириб келади.
Зебонинг болалари эриники эканлигини билса, бечора қай аҳволга тушишини тасаввур қилиб кўраверинг!
Шаҳло тўртинчи фарзандини шифохонадан олиб чиққач, уйи меҳмонга тўлди. Толибнинг "фарзандлари" қий-чув қилиб, чақалоқни талашган бўлдилар.
Шунда Тоҳир "жиянларига" қараб: "Ойингларга айтсаларинг, сизларга ҳам чақалоқ олиб келади", дедию, Зебога қараб кўзини қисди. Кўз узмай эрини кузатиб ўтирган Шаҳло, бу ҳолатни эътибордан четда қолдирмади.
"Сенларда бир гап бор. Шошмай турларинг! Қачонгача гумонда яшайман? Қачонгача ўз ёғимда ўзим қовуриламан? Акангни хотинига кўз қисиш нима эканлигини исботлаб берасан! Эрингни укасига узоқдан эркаланиб, жилмайиш нега кераклигини сен мегажин ҳам исботлайсан!"
Ақиқалар ўтгач, Шаҳло вақтни қўлдан бой бермай ишга киришди.
Ёпиқ номердан Толибнинг телефонига хат жўнатди.
"Хотинингизни тийиб олинг! Тагини бир текшириб қўйсангиз, ўзингиз учун яхши бўлар эди. Болалар сизданми ё бошқаданми ҳеч қизиқиб кўрмаганмисиз?"
Хатни Толиб эмас, Зебо ўқиди. Ўқидию юраги така-пука бўлганча хатни ўчириб ташлади. Мусаффо осмон энди Зебо учун қоронғуликка айланган эди.
"Ким бўлиши мумкин? Ким мендан гумон қиляпти? Ким бу ҳаётимни бузмоқчи бўлган?"
Ўша заҳотиёқ Тоҳирга телефон қилди. Телефонни бахтга қарши Шаҳло кўтарди.
Зебо довдираганча жавоб бермай телефонни ўчирди.
Шаҳло учун шу қўнғироқни ўзи кўп жавобларни очиб берган эди.
Шаҳлонинг йўли баъзи аёлларга ўхшаб бақир-чақир, тўполондан иборат эмас эди. У ҳар бир ишни чанг чиқармасдан, жанг бошламасдан бажарар эди. Ҳеч кимга ўзлигини билдирмай мақсадга етиш, ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас.
"Ҳа, бўлди. Демак хатни сен ўқидинг. Эрингдан аввал сен кўрдинг. Сичқонни ини минг танга бўлиб кетди-ку. Энди қаёққа қочар экансан. Ўйин энди бошланди. Сенларни қопқонга туширмагунимча тинчимайман", деди ўзига-ўзи Шаҳло.
Тоҳир ҳовлидан ичкарига кирганда, Шаҳло ҳеч нарса билмаган кишидек: "Зебо опамлар телефон қилган эдилар. Олганимда ўчиб қолди. Тинчликмикин?", деди эрини кузатиб туриб.
Тоҳир бироз ўнғайсизланиб қўйдию, телефонини кўтариб чиқиб кетди.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, Толиб оиласи билан қий-чув қилиб, онасиникига кириб келди. Дастурхонда ўтиришар экан, Шаҳло пайтдан фойдаланиб эски хатни Толибга яна жўнатиб юборди. Толиб телефонини очиб хатни ўқиди. Бир Зебога, бир болаларига анграйганча қарадию, хатни такрор ўқишни бошлади.
Шаҳло яна хат жўнатди.
"Бу ишларни шундай қолдирманг! Албатта хотинингизни текширинг. Болалар балки сизники эмасдир.".
Толиб ўтиролмай қолди. Ғимирлаганча ҳовлидан кўчага чиқиб кетди. Мошинасига ўтириб, хатларни такрор-такрор ўқишни бошлади. Мияси ғувиллаб, ҳеч нарсага тушунмаётган эди. Кимга телефон қилса, кимга айтса? Бу ҳақда ким билан маслаҳатлашса бўлади? Ахир эшитган қулоққа яхши гап эмас-ку. Бутун оилани шаъни булғанади-ку. Ичидан садо келди! "Ё Аллоҳ! Ёрдам бер!"
Замонавий оиланинг боласи бўлган Толиб, унча-бунчага Аллоҳни эсламас эди. Ҳар бир иш, мартаба, бойлик, обрў, ўқишдан-дипломдан, меҳнатдан деб билар эди. Улар оилавий Аллоҳни жуда нодир эслар эдилар.
Толиб бошини рулга қўйиб, букчайганча ўтириб қолди.
Анчагача нима қиларини билмай ўтираверди. Эски хотираларни эслашга ҳаракат қилар экан, Зебонинг ҳеч бир ёмон одатини эслолмади.
"Ёки ишда бўлганимда у-бу ким келармикин? Ёки чет-элга сафарларимда биронтаси билан танишдимикин? Хатни жўнатган ким бўлиши мумкин? Зебони ўйнаши бўлсачи? Йўғеее... Зебо бунчаликка бормас. Ҳамма нарсаси бўлса. Тўкин-сочин ҳаётда яшаётган бўлса.
Ҳеч кимдан кам бўлмаса. Ҳар йили чет-элга олиб борсам. Ёки кимдир номерда адашдимикин? Ёки биров ҳазил қилаётган бўлсачи?
Шаҳло Толибни чиқиб кетганини кўрган эди. "Ўқ нишонга тегди. Лекин илондан баттар хотини, юмшоққина эрини авраб олиши чўт эмас...", ўйлади Шаҳло.
Толибга яна хат жўнатди.
"Хотинингизни индамасдан қўлга туширишингизни маслаҳат бераман. Ёлғондан иш билан чет-элга кетинг!"
Толиб келган янги хатни шошиб очдию: "Ким бўлиши мумкин? Зебода нима қасди бор?", ўйлади асабий бўлиб.
Ичкарига киргач, томоғидан на норин ўтди, на тандир сомса. Ҳаммаси бўғзига тиқилди. Онасининг зўри билан пиёласидаги илиб қолган чойини хўпладию:
"Биз турайлик, борақолайлик...", деди.
Толиб бир ҳафтада ўзини олдириб қўйди. Ўйлайвериб ич-этини еб ташлади. Зебо эридаги ўзгаришни беш бармоғидек билмоқда, сезмоқда. У ўқиган хатни, эри ҳам ўқиганлигига ақли етмоқда. Лекин юраги бетлаб, эридан очиқ сўролмаяпти.
Толиб энг яқин сирдоши, синфдоши дўсти Икромга кўнглини очди. Бўлган ишларни айтиб маслаҳат сўради.
"Толиб ўйлаб қарасак, хатни хотинингни яқиндан танийдиган бири ёзган. Дейлик хотининг сенга ҳиёнат қилган, дейлик болалар сендан эмас. Агар буларни аниқлаштириб, ишлар ўртага чиқса, нима қиласан? Хотинингни қўясанми? Балки сенга ёзган, у-бу душманингдир. Буни фақат хотининга қопқон қўйибгина биласан. Билганингдан кейин нима қиласан, шуни ўйла. Бутун маҳалла, қариндош-уруғинг олдида нимани баҳонаси билан ажрашасан?"
Икромдан тузукроқ маслаҳат чиқмади. Ҳаммаси Толибнинг ўзига қолган эди.
Кейинги ҳафта иш билан Германияга учиши керак. Лекин энди оиласини қандай қилиб бир ҳафтага ташлаб кетади? Бориб-келгунча бўлари бўлиб қайтмайдими? Толиб шулар ҳақида ҳам ўйлай бошлади.
Толиб Зебога яқин йўламай қўйди.
Ўйларининг аччиғидан, боши ачиб кетди ҳисоб. На хотинига қопқон қўйишга, на Зебодан бор гапни сўрашга кучи етмаётган эди.
Чуқур "уҳ" тортадию: "Эй, Аллоҳ!", дейди, яратувчига нола қилгандай бўлиб.
Толиб бугун ишдан эрта келиб, ўзини ётоққа отди. Қаттиқ калтак еган кишидек ҳаммаёғи қақшаб, оғриётган эди. Кечаси тушининг даҳшатидан уйғониб кетди. Ҳаммаёғини совуқ тер босди. Ўрнидан туриб, ошхонага чиқди. Музлатгичдан идишдаги совуқ олма шарбатини олдию, бир кўтаришда сипқориб юборди.
Сўнг сигаретини олиб, гандираклаганча ҳовлига чиқди.
Толиб ҳовуз четига ўтириб, сигаретини чуқур-чуқур тортганча, кўрган тушини эслашга ҳаракат қилди. "Зебо чириб кетган қора кийимда эмиш. Бир қўли билан укаси Тоҳирни сочидан тортқилаб, жарликдаги гуриллаб ёнаётган оловга судраб олиб кетаётганмиш. Тоҳир акасидан ёрдам сўраётганмиш. Толиб ёрдам беришга кучи етмаётган эмиш. Тоҳир бор овози билан додлаб: "Ака кечиринг! Мени айбим йўқ. Мени хотинингиз мажбурлади. Илтимос, қутқаринг!", деб бақираётган эмиш.
Зебонинг кўкраклари оқиб, киндигигача тушиб қолганмиш. Қанча уринмасин укасини қутқариб қололмаганмиш. Хотини ва укаси жарликка қулаб кетишганмиш..."
"Яхшиликка бўлсин! Тушимнинг маъноси нима экан-а. Олов ёруғлик дейишарди. Балки яхши тушдир...", ўйлади Толиб.
Эрталабки нонуштада тушини Зебога истамайгина айтиб берди.
Зебонинг аҳволини тасаввур қилиб кўраверинг. Лекин устаси фаранглар доим вазиятдан чиқиб кетадилар.
"Яхши туш кўрибсиз. Олов ёруғлик...", деди, ўзини жинниликка солиб Зебо.
Зебо аллақачон Тоҳирни вазиятдан огоҳ этган. Тоҳирнинг ҳам ҳаловати йўқолган. Иш бу ҳолатга келишини ким ҳам ўйлабди дейсиз.
"Ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, ҳаммаси силлиқ бўлади", деб, ҳаромга қўл урганлар адашадилар. Барибир ғинғир ишлар очилади. Барибир ҳаммаси ошкор бўлади.
Оиланинг уч аъзосини бутунлай тинчи йўқолди. Толиб, Тоҳир, Зебо. Ҳаммаси ўз ҳаёллари билан, ҳаммаси ўз ташвиши билан. Ҳаммасининг бўғзига тош тиқилган.
Толиб Германияга учиб кетди. Бир ҳафтада эмас, иши битиб уч кунда қайтди. Ҳар бир нарсада ҳикмат бор, ҳар бир нарсада яхшилик.
Толибнинг тез қайтиши ҳам, ўзи учун бир томондан яхши бўлди. Ёпиқ қозонлар очилди,  сирлар ошкор бўлди.
Эшик қўнғироғини икки-уч маротаба босган Толиб, жавоб бўлмагач, чўнтагидан дарвозанинг калитни олар экан ўйлади: "Шошилинчда йўлдан бирон нарса ҳам олмадим. Болалар ҳозир югуриб келса нима бераман?"
Толиб дарвозани очиб ҳовлига кирди. Ҳовли тинч ва осуда эди. "Зебо, болаларни олиб онасиникига кетган шекилли...", ўзича тахмин қилди Толиб. Уст-бошини алмаштириш учун ҳовлидан ичкарига кирди. Не кўз билан кўрсин-ки, ётоқда хотини ва укаси донг қотиб, ухлаб ётишар эди.
Толиб: "Тушимми, ўнгимми?", деганча, икки ҳаромига анграйиб қолган эди. Бир зум ақли ишламай, бақрайганча турди-да, сўнг секин оёқ учида ташқарига чиқиб, мошинасига ўтирди.
Эркак йиғламасин!
Уввос солиб йиғлаб юборди. Ҳўнграганча аламдан додлаб, мошинани хайдаб кетди. Фикрларини жамлаш учун бир масжиднинг ёнида тўхтади. Умрида масжидга кирмаган, умрида пешонаси сажда кўрмаган. Масжидга илк бора кирди. Ҳали асрга жамоат йиғилмаган, масжидда деярлик ҳеч ким йўқ эди. Бир чеккага ўтириб, йиғлашда давом этди.
"Эй, Аллоҳ! Бу не кўргулик? Бу кўрганларимга қандай чидайман. Энди нима қиламан, қандай яшайман?
Ҳаётим барбод бўлди. Қайси қилган ишим учун жазо бу?"
Толиб йиғлайвериб толиқди.
Асрга азон айтилди.
Толиб бу кеча меҳмонхонада тунади.
Лекин мижжа қоқмасдан чиқди.
Энди буёғига нима қилади? Қандай яшайди? Шулар ҳақида бош қотирди. Уни кўпроқ қайғуга солган нарса бошқа эди.
Болалар уникими? Ёки укасиникими?
Ҳаёлларини телеграмига келган хатнинг овози бузди. Қараса Зебо хат жўнатибди.
Очиб ўтирмасдан, хатни экран устидан ўқиб қўяқолди.
"Толибака яхшимисиз? Ишларингиз битиб қолдими? Қачон келасиз, сизни жуда соғиндим. Сизга илтимосим бор эди. Келаётганингизда Германияни ширинликларидан ҳам олиб келинг. Сизга янгилигим бор. Келганингизда айтмоқчи эдим-у, лекин чидолмадим. Ҳозир айтмасам бўлмайди. Толибака ҳомиладорман..."
"Ҳа, ифлос. Ҳар сафар мени авраб, алдаб, четга кетганларимда ўйноқи хатлар ёзиб, ҳомиладорлигингни пеш қилиб, ишингни битириб юрар экансан. Мен аҳмоқ, довдир бўлсам сенга ишониб юрар эканман-а. Бузуқ, фоҳиша... Яна ҳомиладормиш. Аниқ мени болам эмас..."
Толиб телефонини отиб юборди. Энди нима қилсин? Кимга борсин? Ким билан маслаҳатлашсин? Ортиқ Зебо билан яшаш нияти йўқ. Онасига айтсинми? Онаси ишонармикин? Ахир Зебони Толибдан ҳам ортиқ яхши кўради-ку.
Ўйлаб қараса энг яқини, энг сирдоши, дардкаши онаси ва отаси экан. Улардан бошқа кимга ҳам айтади, ким Толибни уларчалик тушунади.
Толиб онасига хат жўнатди.
"Ассалому алайкум. Онажоним яхшимисиз? Мен эртага қайтаман. Илтимос, эртага адамлар билан меникига келинг. Сизларни соғиндим. Сизларга совға-саломларим бор..."
Толибнинг кўнгли бўшаб яна йиғлаб юборди.
"Менга, оиламга кимларнинг ҳаваси келмас эди-я. Эссиз..."
Дарвозани Толибнинг онаси очди. Толиб онасини қучоқлаганча ўксиб йиғлаб тураверди.
Умрида ҳеч бир замон сафардан қайтганда онасини, отасини қучоқлаб йиғламаган эди. Наинки 10-15 йил кўрмаган кишидек, уларни бағрига босиб, узоқ қучоқлаб тураверди.
Зебо югуриб келиб, Толибга салом берди. Толиб истамайгина алик олиб, унинг ёнидан ўтиб кетди.
Зебо югуриб келиб, Толибга салом берди. Толиб истамайгина алик олиб, унинг ёнидан ўтиб кетди.
Нохуш хабар эшитадиган кишидек, юраги сиқилди. Дастурхонга ҳамма йиғилиб ўтирганда ҳам, Толиб очилмади. Овқатдан сўнг Толиб, ота-онасига қараб: "Ойи, ада мен ажрашмоқчиман. Зебо билан яшашни хоҳламайман", деди даб-дурустдан.
"Вой болам, тинчликми? Нима бўлди? Сафардан олиб келган совғанг шуми?", сўради онаси.
Толиб ўзида эмас. Бу оғир ҳолатда ўзини бошқариб тураётгани ҳам, катта гап аслида. Лекин тилини бошқаролмай қолди. Ҳаёлидагилар тилига кўчди қўйди.
"Ойи, яшашни хоҳламайман!"
"Зебо...!", бақирди Толиб. Зебо ранги оқариб югуриб келди.
"Ё сен ҳаммасини гапирасан, ё мен. Болалар меники эмас, тўғрими?", овозини баландлатмасликка ҳаракат қилиб сўради Толиб.
"Болам, нималар деяпсан? Қаердан олдинг бу гапларни? Ўйлаб гапиряпсанми? Сени боланг бўлмай, кимники бўлади ахир?", сўради отаси.
Толиб жаҳл устида, ўзи билмаган ҳолда: "Тоҳирники...", деб юборди.
Зебо йиғлаганча ошхонага югурди. Бўлаётган ишлардан Тоҳирни хабардор қилиш учун унга телефон қилди.
"Ҳа, қанжиқ! Шошиб қолиб кимга қиляпсан?", Толиб Зебонинг телефонини тортиб олиб, юзига бор кучи билан тарсаки туширди. Қараса Тоҳирга қилинган.
Ҳовли азага айланди. Нима бўлаётганини ҳали ҳам яхши тушунолмаётган ота-она Толибга термулиб туришибди.
"Болам тушунтириброқ гапир! Нима бўляпти. Сафарда у-бу ким бирон нарса дедими ёки?"
Толиб қулоғига гап кирмас ҳолатда эди. Тоҳирга телефон қилди.
"Тоҳир меникига тез етиб кел!", деди, Тоҳирнинг саломига алик ҳам олмай.
Зебо йиғлаганча қайнонасининг ёнига келди.
"Ойижон, сиз тушунтиринг. Кимдир бизни бахтимизни кўролмаяпти. Ҳаётимизни бузишмоқчи. Болалар Толибакамники ахир..."
"Овозингни ўчир! Йиғи-сиғинг билан алдолмайсан. Тоҳир келса ҳаммаси ҳал бўлади", деди, Толиб Зебонининг юзига ҳам қарамай.
Тоҳир кела-келгунча: "Бўлди, тамом. Акам ҳаммасини билганга ўхшаяптилар. Саломимга алик ҳам олмадилар. Ишқилиб тинчлик бўлсин", деб, ўзига-ўзи гапириб келди.
Дарвозадан кириб келгач, ҳаммани тунд ҳолатда кўриб, юраги увишди.
"Ўлдим!"
"Тоҳир мени сендан бошқа опа-укам йўқ. Жонимдан ортиқ кўрган жигарим эдинг. Лекин ҳаётимни Зебо билан барбод қилдинг. Ҳаммасини ўзинг айтасанми, ё мен айтайми?", Толиб саволни бергач, Тоҳирнинг жавобини кутиб турди.
Тоҳирнинг тўсатдан берилган саволдан ранги гезариб мазаси қочишни бошлади.
"Укангни қийнама, чой-пойини ичиб олсин! Балким сенга нотўғри хабар беришгандир", ялингандай деди онаси.
Толиб ортиқ чидолмади. Ётоғида ялпайиб ётган хотини билан укасининг расмини онасига кўрсатди.
Расмни кўрган она: "Вой шарманда. Тоҳир нима қилиб қўйдинг? Акангни ҳаётини расво қилибсан-ку болам", деб, уввос солиб йиғлашни бошлади.
Тоҳир бошини қуйи солганча сас чиқармасди. Деворга суяниб, ерга эгилиб тураверди. Тоҳирнинг отаси расмни кўрмаган бўлса ҳам, иш жуда жиддий эканлигини фарқига бораётган эди. Ўрнидан турди-ю, Тоҳирнинг юзига шапалоқ туширди. Ва оёғи билан тепиб юборди.
"Йўқол, кўзимга кўринма! Сенларга ҳаром едирмаган эдим. "Чиройли тарбия берганман", деб, юрар эканман. Адашибман. Ғирт ифлос бола етиштирибман, эссиз...", деди кўз ёшини артиб. Сўнг Толибнинг елкасига қўлини қўйиб: "Толиб сенга қанчалар оғирлигини билиб турибман. Сенинг ўрнингда бўлганимда иккаласини ҳам чавақлаб ташлардим. Лекин буларнинг жазосини Аллоҳ берсин! Нарсаларингни тайёрла! Кетамиз!", деди қатъий.
Болалар Толибнинг важоҳатидан ёнига яқинлашолмай узоқдан кузатиб туришар экан, энг кичиги чидолмай "отаси"нинг ёнига югуриб келди.
"Адажооооон..."
Толиб йиғлаб юборди. "Боласини" бағрига босганча юм-юм кўз ёш тўкди. Сўнг  нарсаларини йиғиш учун ичкарига кириб кетди.
Энкайиб ўтирган Тоҳирга онаси: "Тоҳир нимадир дегин! Нега индамайсан? Аканг кетмоқчи. Болалар кимники, гапир! Аканг кетса бошқа қайтиб келмайди. "Болалар меники эмас", дегин...", деди  йиғлаб, тиззасига уриб.
"Болалар ҳаммаси меники ойи. Акам бепуштлар. Мен фақат ёрдам бермоқчи бўлган эдим...".
Тоҳир йиғлаб юборди.
Толибнинг орқасидан югуриб хонасига кирди. Акасининг тиззасидан қучоқлаганча кечирим сўрашни бошлади.
"Ака кечиринг! Илтимос кечиринг! Менинг айбим йўқ. Фақатгина сизга яхшилик қилмоқчи эдим. Сиз ҳам фарзанд ўстиришингизни хоҳлаган эдим. Менинг айбим йўқ, ака. Илтимос қиламан кетманг!"
"Йўқол, кўзимга кўринма! Ундан кўра бефарзанд ўтганим яхши эди. Ундан кўра бола асраб олганим яхши эди. Агар сен шу ифлосликни яхшилик десанг, унда ишинг қийин экан. Бошқа кўзимга кўринма!"
Тоҳир, "болалари", Зебонинг йиғлаб-додлашларига қарамай Толиб нарсаларини олиб уйдан чиқиб кетди. Ва ота-онаси билан биргаликда чет-элга учиб кетди. Ўша ерда ширкатини очди, ишларини ўрнига қўйди. Ота-онасининг зўри билан солиҳа аёлга уйланди. Ва Аллоҳнинг инояти билан фарзандлик бўлди.
Балки Зебо ҳам сабр қилганда, ваҳимага тушмаганда бу ишлар бўлмаган бўлармиди? 10-15 йилда фарзанд кўраётган оилалар ҳам бор-ку албатта. Зебо шошма-шошарлик қилиб, сабр қилмай ўз оёғига болта ургани қолди.
Зино-ёмон иллатдир. Зинода яхшилик йўқ. Зино юзларни қора, кўзларни кўр қилади. Зинога юрган инсон албатта жарликка қулайди. Зинокорлар тавба қилинг! Аллоҳ тавба қилувчилар билан биргадир!
(тугади)
Зулфия Махмуд