ИТЛАР БИЛАН ЯШАГАН АЁЛ (Ёхуд келинчак эрининг хоҳишига кўра сил касалини юқтиришга ҳам рози бўлди)

loading...

ИТЛАР БИЛАН ЯШАГАН АЁЛ
(Ёхуд келинчак эрининг хоҳишига кўра сил касалини юқтиришга ҳам рози бўлди)

— Мен ҳаётда бир қирғиз қизини учратганман, — дейди Алина Жоис. — Унинг исми Айгул эди. У шу қадар бахтсиз бир аёлга айландики, ҳатто, бир қориндан талашиб тушган яқинлари ҳам ундан юз ўгиришди. Йўқ, нафақат юз ўгиришди, балки жирканишди.
Айгул Қирғизистоннинг олис қишлоқларидан бирида ота-онаси ва ука-сингиллари билан яшарди. 16 ёшида қўшни қишлоқлик бир йигит уни олиб қочди. Қирғизистонда ҳам ўша пайтлар қиз олиб қочиш миллий урф саналарди. Бу ҳаракат жиноят сифатида қабул қилинмасди. Афсуски, Айгулнинг омади юришмади. Жоҳил йигитга дуч келганини тўйдан кейиноқ англади. Куёв бўлмиш ундан қул сифатида фойдаланишни ихтиёр қилди. Унинг талабига кўра, нима деса, Айгул сўзсиз, қаршиликларсиз адо этиши лозим эди. Бироқ ҳозир ҳарқалай 21-асрда яшаяпмиз. Айгул ҳам буни жуда яхши билади. Қулдорлик тузуми қачонлардир қадимда зоҳир бўлганини кўп марта ўқиган, эшитган. Қолаверса, бу хонадонга қул эмас, келин бўлиб тушганини ҳам яхши англайди. Эрининг талабларига сира рози бўлмади. Ғазабланган эр энди уни аёвсиз калтаклайдиган бўлди. Калтаклаганда ҳам Айгул ҳушидан кетиб полга юзтубан қуламагунча тўхтамади. Натижада хўрланган, таҳқирланган Айгул ота-онасиникига кетиб қолди. Қарангки, у ҳаммасини йиғлаб айтиб беришига қарамай, ота-онаси унга уйда қолишга изн бермади.
— Чиққан қиз чиғириқдан ташқари, — дейишди унга. — Уйда узоқ вақт қолиб кетсанг, маҳалла-кўй нима дейди? Гап-сўзга қолиб кетамиз-ку! Бор, эрингникига бор! Чида!.. Чида!..
Ана энди ўтган кунлардаги калтаклар, таҳқирлашлар ҳолва бўлди. Қочқоқ келинни эр ҳовлидаги ит учун қурилган уйчага олиб кириб, оёқ-қўлига занжир солди. Айгул шўрлик совуқда титраганча ит билан бирга яшашга маҳкум бўлди. Шубҳасиз, бу энди ҳеч қайси қолипга сиғмасди. Айгул хасталаниб қолди. Хасталик соатлар, кунлар ўтгани сайин кучайиб бораверди. Буни кўрган «куёв» занжирларни ечиб олди-да, худди кераксиз буюмга айланган Айгулни ота уйига олиб бориб ташлади.
Бу гал ҳарқалай ота-она уни ҳайдаб солмади. Хасталигини, бир аҳволга келиб қолганини кўриб уйда қолишга рухсат беришди. Фақат… Айгулнинг аҳволи тобора ёмонлашиб бораётганини кўра туриб ҳам врач чақиришмади. Яна ўша маҳалла-кўй орасида гап-сўзга қолишдан қўрқишди. Шундай кунларнинг бирида касалхонага олиб боришгач эса, ҳаммаси аён бўлди. Айгулнинг иккала ўпкаси ҳам адойи тамом бўлибди. Қиз шўрлик сил касалига учрабди. Устига устак хасталик сўнгги босқичга ўтиб бўлган экан…
Айгул ўлимини олдиндан сезса-да, барибир ноумид шайтон, худонинг бир мўъжизаси юз беришини, тузалиб кўрмагандек бўлиб кетишини кутарди. Шу умид билан ёруғ дунёни тарк этди.
— Нега қизингиз уйга келгандаёқ касалхонага олиб бормадингиз? — сўрашди ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ота-онасидан. — Уни асраб қолиш мумкин эди-ку!..
— Биз номус қилдик, — дея жавоб берди Айгулнинг онаси. — Қишлоқ кичкина. Ҳамма бир-бирини танийди. Сил касали юқумли бўлса… Балога қолиб, шарманда бўлардик касалхонага олиб борсак…
— Бу жавобни мен ҳам эшитгандим, — дейди Алина Жоис. — Эшитдим-у, худди биров устимдан бир челак муздай сув қуйгандек сесканиб кетдим. Кўнглим оғриди. Ахир, менинг ўзим ҳам қачонлардир сил касалини бошдан ўтказганман. Тўғри, менинг касалим енгил кечган. Врачлар мени тузатиб юбора олишган. Лекин касалхонада ётган кезларимда худди Айгул каби оғир аҳволдаги сил касалларни кўрганман. Улардан ҳеч ким жирканмасди. Ҳатто, бир қизнинг севган йигити келиб ҳамманинг олдида қўлини сўраган. Шуларни ўйласам Айгул ёдимга тушади…

Рус тилидан; Алина ЖОИС

༺༻✦༺༻✦༺༻
ДУСТЛАРИНГИЗГА ХАМ УЛАШИНГ...